Qatag'on qurbonlari xotirasi portali

ЎЗБЕКИСТОННИНГ БИРИНЧИ АЁЛ ҲУҚУҚШУНОСЛАРИДАН

ЎЗБЕКИСТОННИНГ БИРИНЧИ АЁЛ ҲУҚУҚШУНОСЛАРИДАН, ЎЗССР БОШ ПРОКУРОРИ ЁРДАМЧИСИ ДИЛОРО (ДИНАРА) САБИРЖОНОВНА ЮСУПОВА (1911-1981)

ЎЗБЕКИСТОННИНГ БИРИНЧИ АЁЛ ҲУҚУҚШУНОСЛАРИДАН, ЎЗССР БОШ ПРОКУРОРИ ЁРДАМЧИСИ ДИЛОРО (ДИНАРА) САБИРЖОНОВНА ЮСУПОВА (1911-1981)

Дилоро Юсупова 1911 йил Бухоро шаҳрида дунёга келган. Отаси Собиржон Мухамедович Юсупов (1881-1931) 1907-1910 йиллар Тошкентда касб-ҳунар – реал мактабида ўқиб, механик касбини эгаллаган. 1911 йил Чор охранкасининг таъқибига учраб, Бухорога кетишга мажбур бўлади ҳамда “Ёш бухороликлар” ташкилотининг фаол аъзоларидан бирига айланади. Бироқ, Собиржон Юсупов 1917 йил Амир Олимхон таъқибига учраган “Ёш бухороликлар” таркибида яна Тошкентга келади. У рус тилини билгани ва ва инқилобий ҳаракатлардан хабардорлиги боис сиёсий ҳаракатларга осонлик билан аралашиб кетди. Тошкентда Мусулмон солдат депутатлари совети аъзоси сифатида Ориф Килиблиев, Давлат Мирзаевлар қатори 1917 йил 18-26 октябрь кунлари йиғинда иштирок этди. Сўнг Қўқон Мухторияти ҳукумати президиумига таклиф этилди. Туркистон Мухторияти қонга ботирилгач, у советларнинг V съездида иштирок этади. Собиржон Юсупов таркибида бўлган гуруҳ 1918 йил 16 декабрда Лениннинг қабулида бўлади. Унда большевиклар “доҳийси” сўралган ишлар қолиб Туркистондаги ирригация масаласи ҳақида роса вайсайди. Шундан сўнг шўро маъмурлари эл орасида обрўси баланд ҳар ишда уддабурон Собиржон Юсуповни асло назардан қочирмади. Собиржон Юсупов 1919 йилгача Туркистонда РСФСР вакили мақомидаги шахс бўлди. Кейин Колчакка қарши курашга ташланди. 1920 йил августида эса Бухорога йўлланди. У БХР ревком раиси, БухЧК раиси, ҳарбий нозир, Шаҳрисабз милицияси бошлиғи лавозимларида иш олиб борди. Шундан сўнг Тошкентга келиб, “Қизил Шарқ” текстил фабрикаси директори лавозимида ишлади.
Дилоро Юсупованинг ҳаёти отасининг сиёсий қараши туфайли шу тариқа таъқиб ва қувғинларда кечди. 1917 йил онаси билан Бухоро амирлиги ҳудудидан сургун этилди. Улар Тошкентга келгач ҳам аввал чор охранкаси таъқибида, сўнг доимий равишда ЧК айғоқчиларидан яшириниб яшашга мажбур бўлди. Собиржон Юсупов қочқинда баъзан йиллаб кўриниш бермасди. Дилоро онаси билан ҳали у ерда, ҳали бу ерда макон тутиб кун кечирдилар.
Дилоро Юсупова 1922 йил жуда ёшлигига қарамай Бухоро Халқ Жумҳурияти томонидан Москвага ўқишга юборилди. У ерда Ўзбек Маориф институти қошида таълим олди. Дилоро ўзининг илми иқтидори, жамоат ишларида фаоллиги билан 1924 йилдаёқ Москвадаги ўзбек талабалари орасида танилди. У ўқувчиларнинг “ёш кашшофлар” гуруҳи етакчиси бўлди. 1926 йил мактабни аъло баҳоларга тугатиб, Тошкентга қайтади. Дилоро Юсупова Тошкент комсомолининг округ қўмитасида иш бошлайди. Айни пайтда Ўрта Осиё давлат университети (САГУ)нинг суд бўлимига ўқишга кириб, 1929 йилгача таҳсилни давом эттиради. Дилоро 1929 йил институтни битириб, Самарқандга йўлланма билан ишга юборилади. У ерда бир йил давомида Сув хўжалиги бошқармасида ишлайди. Дилоро Юсупова Самарқандда Москвадаёқ танишган, бу вақтда ЎзССР Олий суди судяси бўлган наманганлик Муҳаммаджон Мўминов (1903-1938) билан турмуш қуради. Шу ўринда Муҳаммаджон Мўминов ҳақида қисқача ёзиб ўтсам, Муҳаммаджон 1923 йил “Кўмак” ҳомийлигида кўплаб тенгдошлари қаторида Москвага йўл олган эди. У 1924 йилдан Москва давлат университетининг ҳуқуқшунослик факультетида таҳсил ола бошлайди. Муҳаммаджон 1928 йил сўнгида “Мамлакатнинг бошқарув тизимида Прокурор назорати” мавзусида ёзган диплом ишини муваффақиятли ҳимоя қилиб, университетни қизил диплом билан битиради. У 1929 йил Самарқандга келиб, Ўзбекистон Олий суди коллегияси аъзоси бўлди. 1931 йилдан ЎзССР Юститция халқ комиссарлигида бўлим мудири, 1932-35 йилларда социалистик қурилиш ва ҳуқуқ илмий текшириш институти директори бўлди. Кейинроқ М.Мўминов ташаббуси билан худди шу институт базасида юридик институт пайдо бўлди. Унинг ғайрат шижоати билан қисқа вақтда кўплаб юридик словарлар, журналлар, китоблар чиқарилди. Айниқса, 1932 йил “На фронте теории государства и права” китоби нашрдан чиқиши катта шов шувга сабаб бўлади.


Дилоро Юсупова дастлаб, Муҳаммаджоннинг тавсияси билан Аспирантурага тайёрланади. Улар 1931 йил Тошкентга кўчиб келиб, Дилоро Совет ҳуқуқи инмий-текшириш институтига ўқишга киради. У 1934 йил декабрь ойида институтни битириш имтиҳонларини топширгач, йўлланма билан Ўзбекистон Республикаси Прокуратурасига ишга юборилади. Дилоро Юсупова синов муддатидан сўнг 1935 йилдан Ўзбекистон Республикаси Прокурори ёрдамчиси лавозимига тайинланади. Ёш оила бахтдан сармаст эди. Ишдаги зиддиятлар ҳасадгар кимсаларнинг бўҳтонларига қарамай, улар ҳар куни янги янги ғоялар, янги асарлар устида баҳслашарди. Уларнинг бағрида ўғли Марат ва Сурайё улғайишарди…
1937 йил 29 март куни тун алламаҳалда Уездной кўчаси 11 уй эшигини номаълум нусхалар таққиллатишди. Қўлида ордерини кўрсатиб оила аъзоларини деворга турғазиб қўйган ҳолда тонггача нималарнидир қидирдилар. Эрталабга яқин барча нарсаларни хатлаб М.Мўминов билан “Қора қарға”га жойлаб кетдилар. Қолганини муҳрлаб кейин олиб кетишларини айтдилар. Ваҳоланки, бу уй эгалари Муҳаммаджон ЎзССР Адлия комиссарлиги аҳолига юридик ёрдам ва суд ҳимоя бўлимининг бошлиғи, Дилоро Юсупова ЎзССР Бош прокурори ёрдамчиси эди. Улар кетар экан Дилорога ҳеч кимга ҳеч нарса гапирмаслик, ҳеч кимга мурожаат этмасликни тайинлаб акс ҳолда ўзига ҳам жуда қийин бўлиши билан таҳдид қилиб кетадилар. Бир кунда хомумонидан айрилган Дилоро аввал ҳеч нарсани тушунмай қолди. Эрининг ортидан тез тез бўлиб турадиган туҳматлардан биридир деб ўйлади. Бироқ, жуда қийин жараёнлардан сўнг берилган рухсат ортидан эри билан учрашишга муваффақ бўлади. Англадики, бу гал вазият жуда бошқача бир неча кунги даҳшатли қийноқлардан сўнг Муҳаммаджон аллақачон ўлимни бўйнига олган, тирик мурдага айлантириб ташланган эди. Шундан сўнг Дилоро ҳамма чорани қўллашга киришади. яширин суратда Москвага НКВДнинг амалга ошираётган бедодликлари ҳақида махсус хат йўллайди. Зудлик билан махфий тарзда эрининг собиқ дўсти Давлат Ризаев билан учрашиб, Ўзбекистон ҳукумати масъулларини М.Мўминовга нисбатан амалга оширилаётган жиноятлардан хабардор этишини сўрайди. Афсуски, бу вақтга келиб на Москвадан, на маҳаллий ҳукуматдан ҳеч қандай умид қолмаган эди.
1937 йил 22 сентябрь куни “халқ душмани” Муҳаммаджон Мўминовнинг хотини, эрининг троцкийчилигини, аксилинқилобий фаолиятини яширган деб 25 ёшли ЎзССР помпрокурори Дилоро Юсуповани ҳам ҳибсга оладилар. Унинг 6 ёшли ўғли Марат ҳамда 4 ёш қизи Сурайёлар болалар уйига йўлланди. Муттасил жисмоний қийноқ ва таҳқирлар остида ўтказилган сўроқларда Дилоро Юсупова эрининг ҳам ўзининг ҳам айбдор эканлигини асосли тарзда рад этади. Бироқ, 1938 йил 4 октябрда Муҳаммаджон Мўминов 1927 йил Москвада бўлган намойиш раҳбарларидан деган бўҳтон билан отиб ташланди. Шундан сўнг 1939 йил 14 март куни Дилоро Юсупова иши кўрилиб, ЎзССР ЖК 68 – моддасида кўзда тутилган жиноят аломатлари топилмади деган хулоса билан жиноят иши тўхтатилди. 1939 йил 19 март куни ундан тергов вақтида қўлланган қийноқлар ва сўроқлар ҳақида ҳеч қачон гапирмаслик ҳақида тилхат олиб, қамоқдан бўшатдилар. Дилоро Юсупова уйига келганда унинг хонадони аллақачон Шутов деган НКВД ходими томонидан ўзлаштириб олинган эди. Дилоро 1939 йил 23 майда уни уйидан чиқариб, болаларини болалар уйидан ўз бағрига олади. Шундан сўнг ҳамма йўқотганларига рози бўлиб, қолган ҳаётини оддий ишларда ишлаб фақат фарзандлари тарбиясига бағишлайди. Сталин вафотидан сўнг бошланган “илиқлик даври”нинг илк кунларидан Дилоро Юсупова Марказга хат йўллаб турмуш ўртоғи М.Мўминовнинг ишини қайта кўришларини сўрайди.
1956 йил апрелда қайта сўроқда Дилоро Юсупова: Биз Муҳаммаджон билан Москвада танишгандик. У 1929 йил Самарқандга келиши билан Ўзбекистон Олий судига коллегия аъзоси бўлди. Шу йил Самарқандда унга турмушга чиқиб, 1931 йил Тошкентга кўчиб келдик. У илмий текшириш институти директори бўлди ва шу базада кейинроқ юридик соҳа бўйича олий таълим муассасаси пайдо бўлди. Мен етти йиллик турмушим давомида Муҳаммаджон Мўминовдан бирор марта халқ манфаатига қарши бўлган бир гап эшитмадим, бир иш кўрмадим. У ҳамиша буюк ишларнинг ташаббускори эди.


Бироқ, 1937 йилнинг мартида Агабековнинг ғаразли мақсади билан қамалди. Агабеков ҳар қандай одамдан қўрқитиш йўли билан ўзи истаган кишига нисбатан ўзига керакли маълумотларни оларди. Хатто, мен учрашган кишиларни ҳам таъқиб қилиб, улар орқали мени тутишга интилди. Натижада 1937 йилдан 1939 йил апрелгача ноҳақ, айбсиз ҳолимда турмада бўлдим, дейди.
1957 йил 23 январда Муҳаммаджон Мўминов СССР Олий суди ҳарбий коллегияси томонидан оқланди. 1958 йил 22 февраль куни бу хушхабарни олган Дилорохон КГБ идорасига келиб, ўзининг совет давлатига ҳеч қандай моддий ва маънавий даъвоси йўқлиги ҳақида ёзма тилхат ташлаб кетди. Дилоро Юсупова бир муддат транспорт прокуратурасида ишлади, сўнг бошқа идораларда оддий ҳуқуқшунос бўлиб ҳалол меҳнат қилди. Унинг тарбияси билан ўғли Марат Муҳаммедович Мўминов (1930-1998) математика фанлари доктори, профессор бўлиб кўп йиллар мамлакатимиз илм-фани тараққиёти йўлида залворли ишларни амалга оширди. Гўзал қизи Сурайё Муҳаммедовна Мўминова (1933-1954)нинг умри қисқа экан. Москва медицина институтини якунлаш арафасида автоҳалокат натижасида вафот этди. Хуллас, ўзбек замонавий ҳуқуқшунослигининг илк қалдирғочлари Муҳаммаджон Мўминов ва Дилоро Юсуповаларнинг шарафли ва фожиали турмуш йўли ҳақида яна кўп асарлар ёзилади деган умидда сўзимни тугатаман.

1956 йил 2 июн куни сўроқда САГУ юридик факультети декани ҳуқуқшунос олима Хадича Сулаймонова устози Муҳаммаджон Мўминов ҳақида: мен 1932-35 йиллар совет ҳуқуқи инстутида ўқиганимда у киши директор эди. М.Мўминовнинг маърузаларини ҳамма севиб тинглар эди. У ўз вақтида ягона олий маълумотли ўзбек юристи, ҳақиқий олим эди. Тенгсиз иқтидор соҳибига ҳаёт осон кечмади. Унинг ғайрати илми ҳамиша бошқаларнинг ҳасадига сабаб бўлаверарди ва натижада уни 6 марта партиядан ҳайдадилар. Аммо, М.Мўминов мамлакатимиз учун зарур миллий юристлар армиясини етказиб бера олди, ўзидан кейин бутун бир ўзбек юристлари мактабини қолдирди”.

http://www.facebook.com/100027697187247/posts/973664593566771/

Scroll to Top