18-май – “Халқаро музейлар куни” муносабати билан ЎзР ВМ ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейида жадид тараққийпарвари Ғозий Юнуснинг ҳаёти ва ижодига бағишланган “Кўз очинг Турон эли” деб номланган фото, рангтасвир асарлар, ёзма манбалар ва буюмлардан иборат кўргазма ташкил этилди.
ХИХ асрнинг охири ХХ асрнинг бошларида Туркистонда вужудга келган жадидчилик ҳаракатининг асосий бош мақсади – жамият тараққиёти учун лозим бўлган барча соҳаларда инновасион ғояларни жорий қилиш эди. Бу билан жадидлар Туркистон халқининг яшаш тарзини ўзгартиришни, уларнинг маънавий онгини ривожлантиришни шу билан бирга миллий давлатчиликка эга бўлишликни асосий мақсадларидан бирига айлантирган. Шу боисдан ҳам “Бу маънавий хазинани қанча кўп ўргансак, бугунги кунда ҳам бизни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топамиз. Бу бебаҳо бойликни қанча фаол тарғиб этсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етади”.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 октябрдаги Ф-5598-сонли Фармойиши ҳамда 2023 йил 31 август куни “Шаҳидлар хотираси” хиёбонида берилган консептуал фикрлар ва топшириқлар асосида жадид тараққийпарварларининг хотирасини абадийлаштириш йўлида бир қатор вазифалар белгилаб берилган. Белгиланган вазифаларнинг ижроси ўлароқ, 2024-йил 17-майда ЎзР ВМ ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ва Шаҳидлар хотираси жамоат фонди ўзаро ҳамкорликда Ғозий Юнуснинг ҳаёти ва ижодига бағишланган “Кўз очинг Турон эли” деб номланган фото ва буюмлар кўргазмасини ўтказди. Ушбу кўргазмада тараққийпарвар Ғозий Юнуснинг ҳаёти ва ижодига доир фото ва буюмлар илк бор ташриф буюрувчилар эътиборига ҳавола этилди.
ХХ аср тараққийпарварлик ҳаракатининг йирик намоёндаси, шоир, журналист, моҳир таржимон ва драматург Ғозий Юнуснинг ҳаёти ва фаолияти, унинг жадидчилик ҳаракати ҳамда миллий-маданий меросимизда тутган ўрни ва аҳамиятини ёритишга бағишланган ушбу кўргазмада Республиканинг давлат ва жамоат арбоблари, таниқли тарихчи, адабиётшунос олимлар, ҳамда талаба ёшлар иштирок этдилар.
Кўргазмани Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори, тарих фанлари доктори, профессор Баҳтиёр Хасанов ўзининг қутлов сўзлари билан очиб жумладан қуйидаги фикрларни баён этди: Жадид тараққийпарвари бўлмиш Ғозий Юнус ҳақиқатдан ҳам ўзбек зиёлилари ичида энг пешқадамлардан бири эди. У бир пайтнинг ўзида шоир, моҳир журналист, драматург ва жамоат арбоби сифатида Туркистонимиз тарихида беқиёс аҳамиятга эга улуғ шахсиятлардан ҳисобланади. Бизнинг ЎзР ВМ ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейида ҳам бугунги кунда Ғозий Юнуснинг ҳаёти ва ижоди борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, музейимиз етакчи илмий ходими Муслимбек Алижонов “ХХ аср бошларидаги ижтимоий-сиёсий ва маданий жараёнларда Ғозий Юнуснинг тутган ўрни” мавзусида тарих фанлари бўйича фалсафа доктори диссертасиясини ёқлашга муваффақ бўлди, ушбу улуғ бобомиз тўғрисида 30 га яқин илмий мақолалар ёзди. Мен яна бир жиҳатга сиз азиз меҳмонларнинг диққат-эътиборларингизни қаратмоқчиман. Бугун орамизда Абдулла Қодирийнинг, Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпоннинг ва Ғозий Юнуснинг авлодлари ёнма-ён ўтиришибди. Бу зотлар ҳаётлик пайтларида доимо миллат ва юрт тараққиёти учун биргаликда бир тан ва бир жон бўлиб хизмат қилишган эди. Мана бугун гувоҳ бўлиб турибмизки, уларнинг авлодлари ҳам ҳозирги кунда ўзаро дўстлик ришталарини сақлаб қолишган. Бу эса менда ғоятда чуқур таассурот қолдирди. Бир сўз билан айтганда, совет ҳукумати чинорлардек бўлмиш бу улуғ сиймоларни вахшийларча чопиб ташлади, бироқ уларнинг мустаҳкам илдизлари бўлмиш жадидларимизнинг авлодлари айни дамда ушбу кўргазмамизнинг меҳмонлари сифатида сафимизда ўтирибдилар. Мен ишонаманки, айни дамда юқорида азиз номлари зикр этилган жадид боболаримизнинг ҳам руҳлари шод бўлмоқда.
Шу билан бирга минбарга Абдулла Қодирийнинг набираси Шеркон Қодирий ва Ғозий Юнуснинг набираси Чўлпон Ғозиевлар ҳам таклиф этилиб, улар ҳам Ғозий Юнусга доир қимматли хотиралари билан йиғилганларда чуқур таассурот қолдирдилар.