Qatag'on qurbonlari xotirasi portali

Олий судда 205 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилди

2024-йил 6-май куни Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан 1930-1938 йилларда суд ҳукми билан ноҳақ жазога тортилган 205 нафар шахсга доир 11 та жиноят иши кўриб чиқилди.

Ноҳақ жазога тортилганлар Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Хоразм, Бухоро, Жиззах ва Наманган вилоятлари ҳудудларида аксилинқилобий мақсадларда ҳаракатлар ва қуролли қўзғолонлар, террорчилик, бандитизм ва шпионаж содир этиш, Фарғона вилояти ҳудудида босмачилик ҳаракатида қатнашиш, партия ташкилотларида аксилшўро фаолиятини амалга ошириш каби жиноятларда айбланган.

Бош прокурор ўринбосари томонидан 11 та жиноят иши бўйича Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига кассатсия тартибида протестлар келтирилди. Очиқ суд мажлисларида ушбу протестлар кўриб чиқилиб, қаноатлантирилган ҳамда Жиноят-протсессуал кодексининг 83-моддасига асосан 205 нафар шахсга нисбатан Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассатсия инстанциясининг оқлов ҳукмлари чиқарилган.

Суд ишида оқланган шахслардан бири Саъдулла Қосимов 1900 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, 1929 йил 3 мартга қадар Ўзбекистон ССР Олий судининг раиси лавозимида ишлаган. Совет Сотсиалистик Республикалар Иттифоқи Олий суди жиноят судлов ҳайъатининг 1930 йил 21 июндаги ҳукмига кўра Саъдулла Қосимов мол-мулки мусодара қилиниб, ўлим жазосига тортилган. Мазкур иш доирасида ўша вақтда Қосимов билан бирга яна 6 киши Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 63-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган.

Ўтказилган суд мажлисида С.Қосимовнинг набираси Ф.Саъдуллаев томонидан ушбу ҳукм устидан берилган кассатсия шикояти ҳам кўриб чиқилган. Натижада С.Қосимов ва бошқаларга нисбатан чиқарилган айблов ҳукми бекор қилиниб, уларнинг ҳаракатларида жиноят таркиби мавжуд эмаслиги ҳамда жиноий ҳодиса юз бермагани сабабли айбсиз деб топилдилар ва оқландилар.

Scroll to Top
Skip to content