Музей экспозицияси

Ўрта Осиё (Туркистон)нинг чор Россияси томонидан босиб олиниши ва маҳаллий халқнинг бунга қарши кураши

Мазкур бўлим Ўзбекистоннинг мустамлака даври тарихига бағишланади. Айнан шу даврда мамлакат мустақиллиги, эрк ва озодлик учун курашлар давомида халқимизнинг минглаб ватанпарвар ва фидойи фарзандлари ҳалок бўлдилар. Қарийб 150 йил давом этган мустамлака даври тинимсиз курашлар даври бўлди. Шу сабабли истиқлол йўлида шаҳид кетган аждодлар ҳақидаги тарихий ҳақиқатни акс эттириш, улар хотирасини абадийлаштириш музей экспозитсиясининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Бўлим экспозитсиясида жой олган экспонатлар Ўрта Осиёнинг Чор Россияси томонидан истило этилиши хронологияси, мустамлакачилик зулмига қарши курашлар билан боғлиқ материаллардан иборат.

Миллий уйғониш ҳаракати, унинг намоён бўлиши ва амалий йўналишлари

Туркистон ўлкаси ХИХ аср охири – ХХ аср бошларида мустамлакачилик сиёсати оқибатида сиёсий, маданий, иқтисодий таназзулга юз тутди. Ўлканинг илғор зиёлилари Чор Россияси истибдодидан қутулиш, миллатни уйғотиш, нафақат иқтисодий, балки маданий тараққиёт сари йўл очиш, халққа зиё тарқатиш мақсадида маърифатпарварлик ҳаракатига асос солдилар. Музейнинг иккинчи бўлими ана шу жараёнларга бағишланган бўлиб, унда жадидларнинг иқтисодий-ижтимоий ва маданий ҳаётни янгилаш, жамиятда ислоҳотлар ўтказишга қаратилган фаолиятлари ўз аксини топган.
Маърифатпарварларнинг миллат келажаги йўлидаги бу ҳаракатлари мустамлакачи ҳукумат томонидан қаттиқ тазйиққа учради. Аммо маърифатпарварлик ҳаракати тазйиқ ва таъқибларга қарамай, кенг қулоч ёя бошлади ва айрим жабҳаларда яширин тарзда давом этди. Туркистонда бу ҳаракат жадидчилик деб ном олди.
Бўлимдаги экспозитсияларда маърифатпарварлик ҳаракатининг энг фаол намояндаларининг суратлари, янги усул мактаблари, ўша даврда чоп этилган миллий матбуот намуналари акс эттирилган, Қўқон, Андижон театр ҳаваскорлари миллий театр труппалари саҳналаштирган театр афишалари ўз аксини топган.

Туркистон Мухторият ҳукуматининг тугатилиши ва совет давлати қатағон сиёсатининг бошланиши (1917–1924-йиллар)

1917-йил феврал ойида Россияда амалга оширилган инқилоб натижасида Императорнинг тахтдан ағдарилиши Туркистонда ҳам кескин сиёсий ўзгаришларга туртки бўлди. Ўлкада чор ҳукмронлигига барҳам берилди, аммо янги ташкил топган Муваққат ҳукумат Туркистонга Россия мустамлакаси сифатида қараб, бу ерда ҳам Россиядаги сиёсий ўзгаришларни тўғридан-тўғри амалга оширди. Россиядаги инқилобий кайфият миллий маърифатпарварларга жиддий таъсир ўтказди. Шу пайтдан бошлаб уларнинг сиёсий фаолияти жонланиб, илк миллий ижтимоий ташкилотлар ташкил этила бошланди. “Шўройи ислом”, “Уламо” сингари ўз сиёсий ташкилотларини ташкил қилдилар.
1917-йил октабирда Россияда болшевиклар томонидан давлат тўнтарилиши амалга оширилди, шу кунларда улар Туркистонда ҳам ҳокимиятни зўрлик билан эгалладилар. Болшевиклар томонидан Тошкентда 1-ноябрда Муваққат ҳукуматнинг Туркистон қўмитаси аъзолари қамоққа олиниб, Туркистонда совет ҳокимияти ўрнатилгани эълон қилинди.
Туркистондаги миллий тараққийпарвар кучлар Совет ҳукуматининг ҳар бир халқ ўз тақдирини белгилаши ҳақидаги декретига биноан 1917-йил 26–28-ноябр кунларида Қўқон шаҳрида Туркистон ўлка мусулмонларининг фавқулодда ИВ-қурултойини чақирдилар. Қурултойда муҳим масалалар юзасидан мунозаралар бўлиб ўтди. Кўпчилик Туркистон Мухториятини эълон қилиш ғоясини қўллаб-қувватлади. Демократик асосда янги ҳукумат – Туркистон Мухторияти эълон қилинди.
Аммо болшевиклар Туркистон Мухториятини тан олишни истамадилар. 1918-йилнинг 19-февралида Қўқон шаҳрида фаолият кўрсатаётган Туркистон Мухторияти ҳукуматига қарши болшевиклар ҳукумати қўшини – қизил армия ҳужум бошлади. Бўлим экспозитсиялари мазкур жараёнларга бағишланган бўлиб, ундаги экспонатларда Қўқон шаҳрида Туркистон Мухториятига қарши болшевиклар уюштирган қатағон сиёсати ва унинг фожиали оқибатлари акс эттирилган.

Ўрта Осиё минтақасида зулм ва босқинчиликка нисбатан қаршилик ҳаракати ва қуролли чиқишлар (1918–1924-йиллар)

Совет ҳокимиятининг зўравонлиги халқнинг кескин қаршилиги ва норозилигига сабаб бўлди. Бутун ўлка бўйлаб совет ҳокимиятига қарши қуролли қаршилик ҳаракати бошланиб кетди. Бу ҳаракат, айниқса, Фарғона водийсида кескин ва оммавий тус олди. Қаршилик ҳаракатига Мадаминбек, катта Эргаш, Шермуҳаммадбек каби маҳаллий сардорлар етакчилик қилдилар.
Экспозитсияда Туркистонда совет ҳокимиятига қарши 1918-йил февралда бошланиб, 1924-йилгача давом этган қуроллик қаршилик ҳаракати ўчоқлари акс эттирилган.

Совет ҳокимиятининг “коллективлаштириш” ва “қулоқлаштириш” сиёсати, унинг фожиали оқибатлари (1930–1936-йиллар)

Мазкур бўлим Совет ҳокимиятининг иқтисодий соҳада олиб борган қатағон сиёсатига бағишланади. Совет ҳокимияти 20-йиллар охири – 30-йиллар бошида амалга оширган ер-сув ислоҳоти, коллективлаштириш, хусусий мулкни тугатиш, саноат ва қишлоқ хўжалигида давлат монополиясини ўрнатиш сиёсатини амалга ошириш жараёнида “қулоқлаштириш” кампанияси ўтказилиб, болшевиклар минглаб хўжаликларнинг ер-сувини давлат ихтиёрига тортиб олдилар.
Экспозитсияда қайд этилган маълумотларнинг кўрсатишича, совет ҳокимияти нафақат йирик ер эгалари, балки хусусий ишлаб чиқариш воситасига эга бўлган ҳунармандлар, савдогарлар, ижарага мулк ва восита берганлар, ёлланма меҳнатдан фойдаланган тадбиркорлар, ўртаҳол деҳқонлар, диний уламолар ҳам уй-жойи, мол-мулкидан маҳрум этилиб, “қулоқ” сифатида оила аъзолари билан бирга ўз юртидан бадарға қилинди.
Ундан Ўзбекистондан четга ва Ўрта Осиёга сургун қилинган “қулоқ”лар манзиллари, сургун йўналишлари акс эттирилган 5 та харита, “қулоқ” қилинганлар сургунга олиб кетилган поезд вагони ва улар яшаган чайла-ертўла макетлари ўрин олган.
Экспозитсияга жойланган видеоматериалларда “қулоқ” қилинган оилалар фарзандларининг хотиралари ўрин олган бўлиб, улар қандай оғир шароитларда яшаб, меҳнат қилганлари ҳақида маълумот беради.

30-йилларнинг бошларидаги сиёсий қатағонлар (1929–1936-йиллар)

30-йиллар бошига келиб маъмурий-буйруқбозлик тизими мустаҳкам қарор топиб, болшевиклар мафкурасини кенг тарғиб қилишга зўр берила бошланди. Айнан шу даврда мазкур мафкурага ҳамда Совет ҳокимиятининг ижтимоий-иқтисодий ва маънавий соҳаларда зўравонлик билан олиб борган ғайримиллий, ғайриинсоний ва ғайриқонуний ислоҳотларга қарши бўлган кишиларга қарши таъқиб ва тазийқлар кучайди. Хусусан, болшевиклар мафкурасига қарши миллий ғоялар билан чиққан зиёлилар, 1918-1924-йиллардаги қаршилик ҳаракати иштирокчилари ҳамда уларнинг қариндош-уруғлари совет ҳокимияти томонидан қатағонга учрадилар.
Қатағонга учраган кишилар шароити оғир ҳудудларга қурилиш ишларига, хусусан, “Беломорканал”, “Белбалтлаг”, “Дмитлаг” каби асосан маҳбуслар кучи билан бунёд этилган улкан қурилишларни қисқа муддатларда ниҳоясига етказиш учун сафарбар этилдилар.
Музейнинг 6-бўлими айнан ушбу жараёнларни ёритиб беради.

1937–1938-йиллардаги сиёсий қатағонлар

1937-1938-йилларда И.В.Сталин бошчилигида Совет ҳокимияти амалга оширган сиёсий қатағонлар инсоният тарихидаги энг даҳшатли фожиалардан бири эди. Бу даврда Совет ҳокимиятига, унинг мафкурасига қарши ҳар қандай ўзгача фикрлаш, ҳатти-ҳаракатга чек қўйиш, халқни асоратда тутиш, партия ва ҳукумат органларини сўзсиз итоат этувчи кадрлар армиясига айлантириш мақсадида мисли кўрилмаган кўламда қатағон сиёсатини авж олдирди.
Бу қатағон тўлқини энг аввало давлат арбоблари, партия ва ҳукумат органлари, муассасалардаги масъул кадрларга қаратилди. Ўзбекистонда бу жараёнда ўша даврнинг энг илғор, фаол, билимли ва ташкилотчи миллий кадрлари, зиёлилари, маориф ва маданият ходимлари, олимлар, зиёлилар, ёзувчилар машъум қатағон қурбони бўлдилар. Сталин ҳукумати нафақат уларнинг ўзларини, балки оила аъзоларини ҳам қатағон гирдобига тортди.
Бўлим экспозитсияларида таниқли давлат арбоби Файзулла Хўжаев билан бирга қатағонга учраган унинг оила аъзолари, бундан ташқари шу йилларда қатағон этилган Чўлпон, Фитрат, Акбар Рустамов, Абдулҳай Тожиев сингари жамоат аробларининг хотинлари, 1922-йили Германияга ўқишга юборилган талабаларнинг суратлари, шу билан бирга бу даврда қатағонга учраган турли соҳа вакиллари – давлат арбоблари, адабиёт ва санъат намояндалари, фан ва маориф ходимлари, халқ хўжаликнинг турли соҳа вакилларининг суратлари қўйилган.

1940–1950-йиллардаги сиёсий қатағонлар.

1939-1945-йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихида энг машъум фожиалардан бири бўлди. 1941-йил 22-июнда гитлерчилар Германияси тўсатдан СССРга ҳужум қилди. Совет Иттифоқи таркибига кирган халқлар қатори ўзбекистонликлар ҳам фашизмга қарши урушга жалб этилди. Ўзбек халқи урушнинг биринчи кунлариданоқ бор кучини фашизм устидан ғалабага сафарбар этди. Уруш мамлакат хўжалигини издан чиқарди, унинг ҳаётини оғирлаштириб юборди. Мамлакатда ҳарбий холат жорий этилди ҳамда барча ресурслар мудофаа манфаатлари учун йўналтирилди.
Аммо ана шундай оғир кунларда ҳам совет ҳокимиятининг қатағон сиёсати тўхтамади. Совет ҳукумати уруш арафаси ва уруш йилларида янги баҳона, аниқроғи “фашизмга хайрихоҳлик кайфиятига йўл қўймаслик” баҳонасида чегарадош ҳудудларда яшовчи халқларга қарши этник қатағонларни бошлаб юборди. Бу жараёнда Япония, Туркия, Полша каби мамлакатлар билан чегарадош ҳудудларда, яшовчи корейс, қримтатарлар, месхети турклари, поляклар, Поволже немислари ва бошқа халқлар мутлақо асоссиз ҳамда ғайриқонуний равишда ўз ватанларидан мажбурий равишда бошқа ўлкалар, хусусан Ўзбекистон худудига депортасия қилинди. Уларни уй-жой, иш, ер ва озиқ-овқат билан таъминлаш ўзбек халқининг зиммасига тушди.
Бундан ташқари 40-йиллар охири ва 50-йиллар бошида қатағонлар совет тузуми томонидан Ўзбекистонда мунтазам ўтказиб келинган тазйиқ ва таъқибларнинг навбатдаги босқичи бошланганлиги ва мазкур жараёнида энг аввало ўз асарларида ўзбек халқининг ўтмиш тарихига, маънавий меросига мурожаат этиб, бу ҳақда асарлар ёзишга жазм этган олимлар, ёзувчи ва шоирлар “ўтмишни идеаллаштиришда”, “миллатчиликда” айбланиб, қатағон қилинганлигига оид тарихий ҳужжатлар, фото материаллар асосида ёритиб берилган.

1980-йиллардаги қатағонлар: “Пахта иши” кампанияси

Бу бўлим экспозитсияларида Совет ҳокимиятининг пахта яккаҳокимлиги сиёсатининг аянчли оқибатлари, Орол денгизининг қуриб қолиши натижасида табиат мувозанатининг бузилиши, экологик фожианинг инсон саломатлигига таъсири диаграммалар ёрдамида кўрсатилган.
ХХ асрнинг 80-йилларда собиқ Марказ томонидан ўзбек халқига нисбатан оммавий қатағонларнинг янги босқичи бошланиб, “Пахта иши” деб ном олган ушбу сиёсий кампания орқали ўзбек халқи шаънига турли тухмат ва бўҳтонлар ёғдирилиб, минглаб бегуноҳ кишилар жазога тортилганлиги, “пахта иши” бўйича ноҳақ айбланган жабрдийдаларнинг адолат излаб ёзган арзномалари тергов жараёнидаги азоблар ва оилаларига нисбатан уюштирилган тазйиқларга оид материаллар қайд этилган. Ислом Каримов томонидан Қашқадарё вилоятида 1986-йилдаёқ “пахта иши” қурбонларини оқлаш, адолатни тиклаш учун бошланган саъйи-ҳаракатлар акс эттирилган.

Мустақиллик йилларида тарихий адолатнинг тикланиши, қатағон қурбонлари хотирасининг абадийлаштирилиши, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш йўлида амалга оширилган тарихий ишлар (1991-йилдан кейинги давр)

Бу бўлим мустақиллик йилларида Ўзбекистонда ўтмишда ноҳақ қораланган ёки сохталаштирилган тарихий адолат ва миллий қадриятларнинг тикланиши, истиқлол туфайли берилган имкониятлар ёшлар ҳаётида қандай имкониятларга йўл очиб берилганлиги тарихий далиллар асосида кўрсатилади.
Экспозитсияларда мустақиллик йилларида тарихий адолатнинг қарор топиши туфайли совет даврида номлари қораланган буюк давлат арбоблари, саркардалар, хусусан тарихда чуқур из қолдирган Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мирзо Улуғбек, Жалолиддин Мангуберди каби саркарда ва хукмдорлар ҳақидаги тарихий ҳақиқатнинг тикланиши акс эттирилган. Истиқлол даврида қайта тикланган ва қадр топган улкан маънавий меросимиз, миллий ва диний қадриятларимиз, ислом мутафаккирлари номлари ва ижодий меросининг тикланиши, совет даврида қатағонга учраган моддий ёдгорликларнинг истиқлол йилларида таъмирланиши ва ободонлаштирилиши, мустақиллик йилларида юртимизда ислом дини асослари, тарихи, ислом маданияти, архитектураси ва маънавий меросини ўрганиш бўйича олиб борилаётган самарали ишлар ҳақидаги тарихий маълумотлар ўрин олган.
Бу бўлимда шу билан бирга ватанимиз ёшларига берилган чексиз имкониятлар, уларнинг муваффақиятлари, ёшларнинг илм-фан, спорт, таълим тизими, маданият ва санъант соҳасида эришаётган улкан муваффақиятлари ўз аксини топган.
Мазкур илмий-тематик бўлимлардан қатағон этилган ватандошларимизнинг фотосуратлари, шу даврдаги қатағон сиёсатига оид кўплаб ҳужжат ва материаллар ўрин олган. Экспозитсиялар 30-38-йиллар қатағонининг даҳшатларини эслатувчи автомобил, ГУЛАГ харитаси, қатағон қурбонларидан қолган шахсий буюмлар билан бойитилган.
Музей экспозитсияларига 10 та сенсор киосклари, 9 мониторлар ўрнатилган бўлиб, уларга жойланган Мустамлакачилик ва қатағонлар даврининг жафоларини акс эттирувчи ноёб архив маълумотлари, хотиралар, интервю суҳбатлари, мусиқий асарлар, видеолавҳалар ва сюжетлардан иборат қайғули давр кўринишлари, музейга ташриф буюрувчилар учун халқимиз тарихида кечган оғир дақиқаларни чуқур ҳис қилиш имконини беради.