2026-йил 16-октябр куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейида “Мустабид тузум даври қатағонининг Намангандаги шаҳидлари: архитектура ва одамлар” номли йўлкўрсаткич китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Мазкур нашр Ўзбекистон тарихининг мураккаб ва фожиали даврларини ўрганиш, Наманган вилоятидаги сиёсий қатағон қурбонлари хотирасини тиклаш ҳамда тарихий обидалар ва улар билан боғлиқ инсонлар тақдирини кенг жамоатчиликка етказишда муҳим илмий-маърифий аҳамият касб этади.
Китоб Конрад Аденауер номидаги фонднинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси молиявий кўмагида тайёрланди. Ушбу ҳамкорлик тарихий хотирани асраш, қатағон қурбонлари ҳаёти ва фаолиятини чуқур ўрганиш ҳамда халқимизнинг тарихий меросини келажак авлодларга етказишга қаратилган илмий изланишларни қўллаб-қувватлашнинг муҳим намунасидир.
Нашрнинг яратилишида Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ходимлари томонидан Наманган вилоятига уюштирилган илмий экспедитсия алоҳида ўрин тутади. Экспедитсия давомида ҳудуднинг тарихий-маданий мероси, қатағон даври билан боғлиқ масканлар ва инсонлар тақдирини ўрганишга қаратилган изланишлар олиб борилди. Тадбир давомида Наманган экспедитсиясига бағишланган видеоролик ҳам намойиш этилди.
Тадбирнинг яна бир эътиборга молик жиҳати шундан иборат бўлдики, якунда вилоят музейлари раҳбарларидан уч нафари Олий таълим вазирлиги томонидан “Олий таълим аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Ушбу эътироф уларнинг таълим ва маърифат соҳасидаги фаолияти ҳамда маданий меросни асраш йўлидаги хизматларига берилган юксак баҳо сифатида аҳамиятлидир.
Мазкур тақдимот илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тарихий ҳақиқатни тиклаш ва қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Тарихни англаш, ўтмиш сабоқларини унутмаслик ва инсон қадрини улуғлаш келажак олдидаги масъулиятимиздир.














