“Муҳаммадшариф Сўфизода таваллудининг 155 йиллигига бағишланган тадбир

Туркистонда вужудга келган жадидлик ҳаракатининг асосий бош мақсади жамият тараққиёти учун лозим бўлган барча соҳаларда инновацион ғояларни жорий қилиш эди. Бу билан жадидлар Туркистон халқининг яшаш тарзини ўзгартиришни, уларнинг маънавий онгини ривожлантиришни шу билан бирга миллий давлатчиликка эга бўлишликни асосий мақсадларидан бирига айлантирган. Шу боисдан ҳам “Бу маънавий хазинани қанча кўп ўргансак, бугунги кунда ҳам бизни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топамиз. Бу бебаҳо бойликни қанча фаол тарғиб этсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етади”.

Масалага шу жиҳатдан ёндошганда, ХХ аср бошларидаги жадид адабиётининг йирик вакили, шоир Муҳаммадшариф Сўфизоданинг фаолияти ва адабий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш ҳам ёшларимиз томонидан бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етишларида улкан аҳамият касб этади.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 8-октябрдаги Ф-5598-сонли Фармойиши ҳамда 2023-йил 31-август куни “Шаҳидлар хотираси” хиёбонида берилган консептуал фикрлар ва топшириқлар асосида жадид тараққийпарварларининг хотирасини абадийлаштириш йўлида бир қатор вазифалар белгилаб берилган. Белгиланган вазифаларнинг ижроси ўлароқ 2024-йил 27-март куни ЎзР ВМ ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, Шаҳидлар хотираси жамоат фонди, Республика маънавият ва маърифат маркази, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникасиялар Университети, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши билан ҳамкорликда Муҳаммадшариф Сўфизода таваллудининг 155 йиллигига бағишланган “ХХ аср жадид адабиёти: вужудга келиши, йўналиши, намоёндалари, аҳамияти” мавзусида Республика илмий-амалий анжумани ўтказилди.

Анжуман доирасида жадид адабиётининг шаклланиш ва ривожланиш тарихининг ўзига хос хусусиятлари; жадид адабиёти вакилларининг бадиий меросида жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ғоясининг акс этиши; жадид насри ва драматургиясида эрк ва ҳуррият ҳамда миллий тараққиёт ғояларининг ифодаланиши; жадид адабиёти вакилларининг қатағон этилиш тарихи ва бунинг оқибатлари каби масалалар муҳокама этилди.

Ушбу анжуманда ХХ аср тараққийпарварлик адабиётининг йирик намоёндаси, шоир Муҳаммадшариф Сўфизоданинг ҳаёти, фаолияти ва жадидчилик ҳаракати ҳамда миллий-маданий меросимизда тутган ўрни ва аҳамиятини ёритишга бағишланган ушбу анжуманда Республиканинг давлат ва жамоат арбоблари, таниқли тарихчи, адабиётшунос олимлар, ҳамда талаба ёшларнинг иштирок этдилар.

Тадбир сўнгида ЎзР ВМ ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейининг вилоятлардаги ҳудудий музей раҳбарлари билан еғилиш бўлиб ўтди ҳамда янги қурилган маъмурий бино бўйлаб экскурсия ўтказилди.