31-август – “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни”

Бугун Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи билан ҳамкорликда 31-август – “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни” ҳамда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” бош ғояси остидаги маънавий-маърифий, тарғибот-ташвиқот ишлари режаси доирасида “Туркистон маърифатпарвар жадидлари: янги сиймолар” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ҳамда шу номли фото ва буюмлардан иборат кўргазманинг очилиши маросими бўлиб ўтди.

Ушбу тадбирга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи раҳбар ва ходимлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги, Тошкент шаҳридаги кутубхоналарнинг масъул ходимлар, “Маърифат” тарғиботчилари жамияти аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг сержант ва офицерлари ҳамда курсантлари, Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари давлат музейи, Алишер Навоий номли миллий кутубхона ходимлари ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази Тошкент шаҳар бўлимларининг раҳбар ва ходимлари меҳмонлари тингловчи сифатида ташриф буюрдилар.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори, т.ф.д., профессор Баҳтиёр Хасанов кириш сўзи билан очиб берди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги директори ўринбосари, филология фанлари номзоди Шуҳрат Ризаев, Ўзбекистон Миллий медиа ассотсиатсияси раиси Шерзодхон Қудратхўжа ва Республика Маънавият ва маърифат маркази ходими “Дўстлик” ордени соҳиби, таниқли шоир Абдулмажид Азимлар томонидан Қатағон қурбонларини ёд этиш кунинг аҳамияти, жадид тараққийпарварларининг ибратли ҳаёт йўли ва бебаҳо мероси хусусида фикр билдирдилар.

Шунингдек, тадбирда маърузачи сифатида иштирок этган устозлар Мустақиллик йилларида тарихий адолатнинг тикланиши, қатағон қурбонлари хотирасининг абадийлаштирилиши, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш Ватанимиз истиқлоли, халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги, келажак авлодларнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида мардона кураш олиб бориб азиз жонларини фидо қилган, мустабид тузум даврида қатағон қилинган аждодларимиз хотирасини тиклаш, уларнинг фаолияти ва меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этиш борасида юртимизда амалга оширилаётган ишлар ҳақида кенг маълумотлар бериб ўтдилар.

Дарҳақиқат, ҳар бир миллат ва элатнинг ўз тарихи бор. Тарих замирида эса, миллий ўзликни англаш, қадриятларга ҳурмат, аждодлар хотирасига эҳтиром туйғуси мужассам. 

Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори Ҳасанов Баҳтиёр: Юртимизда ҳар йили 31-август – “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни” сифатида кенг нишонлаб келиниши, “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси барпо этилганлиги, “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ҳамда ҳудудлардаги олий таълим муассасалари қошида унинг бўлимлари ташкил этилгани, шунингдек, қатағон қурбонлари бўлган Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Ишоқхон Ибрат, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий каби улуғ маърифатпарвар аждодларимиз хотирасига бағишланган муҳташам ҳайкаллар, музейлар бунёд этилгани, ижод мактаблари фаолияти йўлга қўйилгани, сиёсий қатағон йилларида ноҳақ қурбон бўлган юртдошларимизнинг номларини аниқлаш, уларнинг қолдирган меросини ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган илмий-тадқиқот ишлари, бадиий ва ҳужжатли асарлар яратилаётганлиги ҳақида батафсил маълумотлар бериб ўтди.

Айтиш мумкинки, эл-юртимиз озодлиги ва эркинлиги йўлида, халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизни ҳимоя қилишда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда қурбон бўлганлар хотираси миннатдор авлодлар ёдида абадий сақланиб қолади. Мустабид тузум даврида миллион-миллион бегуноҳ инсонларнинг умри хазон бўлганини, қанча-қанча оилалар хонавайрон бўлиб, қанча-қанча гўдаклар етим қолганини тарих, бугунги ва келажак авлод ҳеч қачон унутмайди. Бугунги ўтказилган тадбирдан кўзланган асосий мақсад ҳам шу эди.

Тадбир жараёнида музейда Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи томонидан тайёрланган “Туркистон тараққийпарвар жадидлари: янги сиймолар” фото кўргазмаси очилди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ф-5598-сонли фармойиши асосида нашр қилинган китоблар тақдимоти ўтказилди.