Носирхон тўра Саидкамолхон тўра ўғли таваллудининг 150 йиллигига бағишланган Республика илмий-амалий анжумани ўтказилди.

Ватанимиз истиқлоли, халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги, келажак авлодларнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида мардона кураш олиб бориб азиз жонларини фидо қилган, мустабид тузум даврида қатағон қилинган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, уларнинг фаолияти ва меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Шу эзгу ишларнинг давоми ўлароқ, 2023-йил 8-ноябр куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Мусулмонлар идораси ҳамда Ўзбекистон Миллий медиа ассосиасияси билан ҳамкорликда Носирхон тўра Саидкамолхон тўра ўғли таваллудининг 150 йиллигига бағишланган  “Носирхон тўра Саидкамолхон тўра ўғлининг фаолияти ва илмий меросининг Миллий давлатчилик тарихидаги ўрни ва аҳамияти” мавзусидаги Республика илмий-амалий анжумани ўтказилди.

Мазкур анжуманда Носирхон тўра ва дин арбобларининг эрк ва ҳуррият учун курашга, Туркистон Мухториятининг консептуал масалаларига муносабати, Носирхон тўранинг Туркистон Мухториятининг маориф нозири сифатидаги фаолияти, шу билан бирга Янги Ўзбекистон даврида ХХ асрнинг 20-50-йилларда қатағон қилинган давлат, жамоат, дин арбобларининг сиёсий қатағонга учраши сабабларини илмий ўрганилиши масалалари муҳокама қилинди.

Ушбу Республика  илмий-амалий анжуманида профессор ва тадқиқотчилар томонидан илмий анжуман меҳмонларига тақдим этилган маърузалар ушбу сиймонинг ҳаёти ва фолиятини холис ва бирламчи манбалар асосида ўрганиш Ўзбекистон халқининг узоқ йиллар давом этган миллий озодлик ҳаракатлари, эрк ва ҳуррият йўлида олиб борган кураш тарихининг муҳим саҳифаси сифатида талқин этиш имкониятини беради.