Олий суд 240 нафар қатағон қурбонини реабилитация қилди

Олий судга Учлик Кенгашининг махсус йиғилиш қарорларига кўра 1929-1931 йилларда ҳозирги Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари ҳудудларида босмачилик ҳаракати аъзолари бўла туриб, қуролли тўда тузишиб, совет ҳукуматига қарши қуролли қўзғолон ёки аксилинқилобий мақсадларда ҳаракатларни амалга оширганликда айбланган Ўзбекистон ССР ва Қозоғистон ССР фуқаролари бўлган 240 нафар шахсга оид 5 та жиноят иши келиб тушиб, ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилди.

Бош прокурор ўринбосари томонидан юқорида кўрсатилган жиноят ишлари юзасидан Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апеллятсия протестини бериш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимосномалар ҳамда апеллятсия тартибида протестлар келтирилди.

2023 йил 24 август куни очиқ суд мажлисларида ушбу илтимосномалар ва протестлар кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди ҳамда Жиноят-протсессуал кодексининг 83-моддасига асосан жами 5 та жиноят иши бўйича 240 нафар шахсга нисбатан Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апеллятсия инстанциясининг оқлов ҳукми чиқарилди.

Шу аснода адолат қарор топди, йиллар мобайнида юзага чиқмай келган ҳақиқат тантана қилди.

Мустақиллик йўлида фидокорона кураш олиб борган, ҳатто ўз жонини фидо қилган қатағон қурбонларининг пок номлари халқимиз қалбида мангу яшайди.